Dildora Ibrohimova

Бухоронинг афсонавий саройи

Бухоронинг шимолий кенгликларида, шаҳар шовқинидан йироқда жойлашган Ситораи Моҳи Хоса — шунчаки амирларнинг ёзги қароргоҳи эмас, балки сукутга чўмган тарих, Шарқ нафосати ва Ғарб ҳашамати тўқнашган ноёб меъморий афсонадир. 6,7 гектарлик яшил воҳа бағрида қад ростлаган ушбу мажмуа номи «Ой ва юлдузлар каби гўзал макон» деган маънони англатиб, Манғитлар сулоласининг уч авлоди томонидан яратилган бетакрор санъат дурдонасидир. XIX асрнинг ўрталарида Насруллахон ва Музаффархон даврида дастлабки пойдевори ўрнатилган ушбу кошона Амир Абдулаҳадхон ва охирги амир Саид Амир Олимхон ҳукмронлиги йилларида ўзининг мукаммал ва маҳобатли қиёфасига эга бўлди. Эски саройнинг баланд ва кенг заллари, европача эшик ва деразалари, болохонали айвонлари шарқона меъморчиликка ўзгача руҳ бағишлаган бўлса, Абдулаҳадхон томонидан қурдирилган ва ғарбий томонига шоҳона тахт ўрнатилган сарой қисми ҳукмдорларнинг юқори дидидан далолат беради.​Саройга яқинлашганингизда, энг аввало, Шарқ биносозлиги анъаналаридан бутунлай фарқ қилувчи, тўқ қизил, кўк ва бинафшаранг кошинлар билан безатилган муҳташам равоқли дарвоза эътиборни тортиб, сизни бошқа бир сеҳрли дунёга етаклайди. Амирлик усталарининг миллий сиркори парчинлари ва Россиядан келтирилган кафел қопламаларининг уйғунлиги, ёғоч ўймакорлигининг энг нафис намуналари ва мис гулмихлар билан безатилган қўш табақали дарвоза бу ердаги ҳар бир деталга нақадар катта эътибор берилганини кўрсатади. Дарвозахонадан ташқи ҳовлига ўтганингизда, сизни Ғозғон мармаридан моҳир уста Абдураҳим томонидан ўйиб ишланган ва саройнинг мангу посбонларидек савлат тўкиб турган шер ҳайкаллари кутиб олади. Ҳовлининг шимолида катта айвон, ғарбида эса бутун мажмуанинг юраги ҳисобланган машҳур Оқсарой жойлашган.​ Уста Ширин Муродов бошчилигидаги моҳир усталар томонидан икки йил давомида барпо этилган ва пардозланган бу залнинг деворлари тўлиқ кўзгулар билан қопланган бўлиб, уларнинг устига ишланган гулганч безакларнинг бенуқсон оқлиги хонага кирган кишининг кўзини қамаштиради ва ўзгача сеҳрли кайфият бағишлайди. Рус муҳандислари Сакович ва Маргулис томонидан лойиҳалаштирилган қабулхона хоналари эса Европанинг сарой заллари каби бир-бирига уланиб кетган.​ Саройни ўраб турган хушманзара боғнинг шимолида маҳаллий меъморчилик усулида қурилган икки қаватли, ярим доира шаклидаги ҳарам ва унинг хизматкорлари учун мўлжалланган шинам ҳовлича яширинган. Боғнинг қоқ марказида жойлашган, деворларига тилла ва кумуш суви югуртирилган саккиз қиррали шоҳона кўшк эса амирнинг энг азиз меҳмонлари учун оромгоҳ вазифасини ўтаган. Боғнинг жанубида жойлашган, катта ҳовуз ва икки қаватли масжид бу маконнинг сокин ва афсонавий муҳитини тўлиқ намоён этади. Бир пайтлар амирларнинг сурурли онларига ва давлатнинг қалтис сиёсий қарорларига гувоҳ бўлган бу муҳташам сарой-боғ бугунги кунда музей-қўриқхона сифатида ўз эшикларини кенг очиб, ўтмишнинг сирли нафосатини асрлар оша замонамиз кишиларига сўзлаб бермоқда. Дилдора ИБРОҲИМОВА, журналист

Бухоронинг афсонавий саройи Read Post »

Вобкент мўжизаси

Вобкент мўъжизаси Бухоронинг Вобкентида саккиз асрдан зиёд вақтдирки, замонларнинг оғир нафаси ва тарихнинг заҳматли синовларига дош бериб келаётган бир мўъжиза бор. Бу XII асрнинг юксак муҳандислик тафаккури ва Шарқнинг бадиий диди мужассам бўлган Вобкент минорасидир. У ривожланган ўрта асрларнинг олтин даврида, аниқроғи 1196–1197 йиллар оралиғида, Қорахонийларнинг Бухородаги ноиби Садр Бурҳониддин Абдулазиз II томонидан бунёд этилган бўлиб, унинг тарихи илоҳий ишқ ва маърифат билан чамбарчас боғлиқ. Тарихий манбаларга кўра, Бухорода вақф ерларининг бошқарувчиси бўлган Абдулазиз II тасаввуф илмининг буюк пири Хожа Абдухолиқ Ғиждувонийнинг ихлосманд муридларидан эди. Шу боис ҳам, ушбу осмонўпар иншоот айнан Ғиждувоний ҳазратларининг ташаббуси ва маблағи эвазига қад ростлаб, маънавий устоз ва содиқ шогирд ришталарининг меъморий рамзига айланди. Рус тадқиқотчиси И.И.Уляновнинг изланишлари шуни тасдиқлайдики, минора тикланишидан олдин, 1190-йилларнинг бошида бу ерда маҳобатли бир масжид мавжуд бўлган; археологик маълумотлар унинг 22/18 метрлик кенг пойдевори ўша даврдаги ижтимоий ҳаётнинг нақадар гавжум бўлганидан далолат беради. ​Иншоотнинг меъморий қиёфасига назар ташлар экансиз, унинг ҳар бир ғиштида бир ҳикмат яширингандек туюлади. Ўн икки қиррали супа асос устига ўрнатилган, баландлиги 40,3 метрни ташкил этувчи бу маҳобатли иншоот пастдан юқорига қараб нафис торайиб боради. Унинг қурилишида ишлатилган пишиқ ғишт, тош ва сирли “қир” қоришмаси асрлар давомида минорани нафақат табиий офатлардан, балки вақтнинг бешафқат тиғидан ҳам омон сақлаб қолди. Минора танаси бўртма нақшли ўнта безакдор белбоғ билан қисмларга ажратилган бўлиб, ҳар бир қисмдаги геометрик ва ислимий нақшлар бир-бирини такрорламайдиган ўзига хос санъат асаридир. Пастки қисмидаги белбоғлар орасида куфий хати ила битилган Садр Бурҳониддин Абдулазиз II исми ва миноранинг қурилиш йили бугунги авлодга ўтмишнинг тилсиз, аммо сўзловчи гувоҳномаси бўлиб хизмат қилмоқда. Миноранинг юқори қисмидаги ўнта равоқли дарчага эга бўлган қафаса эса, ўз вақтида ҳам муаззинларнинг азон садолари таралган муқаддас нуқта, ҳам Ипак йўли бўйлаб келаётган карвонлар учун йўл кўрсатувчи маёқ вазифасини ўтаган. ​Вобкент минорасининг тақдири ўлкамизнинг шонли ва изтиробли тарихи билан ҳамоҳанг. Вақт ўтиши билан мажмуа қиёфаси ўзгариб борди. XVI асрда Шайбонийлар даврида мажмуа мадраса билан бойитилган бўлса, XX аср бошидаги сиёсий бўронлар ва шўролар даврининг совуқ нафаси натижасида мажмуанинг энг қадимий қисми бўлган масжид бузиб юборилди. Бугунги кунда минора пойдевори тупроқ остида қолган бўлса-да, унинг қадди ҳамон тик ва мағрур. 2004 йилда амалга оширилган реставрация ишлари натижасида қафаса қисми ёпилиб, иншоотнинг асл ҳоли сақлаб қолинди. Ҳозирда мажмуа таркибидаги мадраса маҳаллий аҳоли учун масжид бўлиб хизмат қилаётгани эса, тарихий давомийликнинг гўзал ифодасидир. Вобкент минораси ўзининг содда, аммо салобатли муқарнаслари билан Бухородаги машҳур “Минораи Калон”нинг яқин сирдошидек кўринса-да, унинг ҳар бир нақшида фақат Вобкент тупроғигагина хос бўлган алоҳида бир руҳ, алоҳида бир салобат бор. Дилдора ИБРОҲИМОВА, журналист

Вобкент мўжизаси Read Post »

Scroll to Top