Вобкент мўжизаси

Вобкент мўъжизаси

Бухоронинг Вобкентида саккиз асрдан зиёд вақтдирки, замонларнинг оғир нафаси ва тарихнинг заҳматли синовларига дош бериб келаётган бир мўъжиза бор. Бу XII асрнинг юксак муҳандислик тафаккури ва Шарқнинг бадиий диди мужассам бўлган Вобкент минорасидир. У ривожланган ўрта асрларнинг олтин даврида, аниқроғи 1196–1197 йиллар оралиғида, Қорахонийларнинг Бухородаги ноиби Садр Бурҳониддин Абдулазиз II томонидан бунёд этилган бўлиб, унинг тарихи илоҳий ишқ ва маърифат билан чамбарчас боғлиқ. Тарихий манбаларга кўра, Бухорода вақф ерларининг бошқарувчиси бўлган Абдулазиз II тасаввуф илмининг буюк пири Хожа Абдухолиқ Ғиждувонийнинг ихлосманд муридларидан эди. Шу боис ҳам, ушбу осмонўпар иншоот айнан Ғиждувоний ҳазратларининг ташаббуси ва маблағи эвазига қад ростлаб, маънавий устоз ва содиқ шогирд ришталарининг меъморий рамзига айланди. Рус тадқиқотчиси И.И.Уляновнинг изланишлари шуни тасдиқлайдики, минора тикланишидан олдин, 1190-йилларнинг бошида бу ерда маҳобатли бир масжид мавжуд бўлган; археологик маълумотлар унинг 22/18 метрлик кенг пойдевори ўша даврдаги ижтимоий ҳаётнинг нақадар гавжум бўлганидан далолат беради.

​Иншоотнинг меъморий қиёфасига назар ташлар экансиз, унинг ҳар бир ғиштида бир ҳикмат яширингандек туюлади. Ўн икки қиррали супа асос устига ўрнатилган, баландлиги 40,3 метрни ташкил этувчи бу маҳобатли иншоот пастдан юқорига қараб нафис торайиб боради. Унинг қурилишида ишлатилган пишиқ ғишт, тош ва сирли “қир” қоришмаси асрлар давомида минорани нафақат табиий офатлардан, балки вақтнинг бешафқат тиғидан ҳам омон сақлаб қолди. Минора танаси бўртма нақшли ўнта безакдор белбоғ билан қисмларга ажратилган бўлиб, ҳар бир қисмдаги геометрик ва ислимий нақшлар бир-бирини такрорламайдиган ўзига хос санъат асаридир. Пастки қисмидаги белбоғлар орасида куфий хати ила битилган Садр Бурҳониддин Абдулазиз II исми ва миноранинг қурилиш йили бугунги авлодга ўтмишнинг тилсиз, аммо сўзловчи гувоҳномаси бўлиб хизмат қилмоқда. Миноранинг юқори қисмидаги ўнта равоқли дарчага эга бўлган қафаса эса, ўз вақтида ҳам муаззинларнинг азон садолари таралган муқаддас нуқта, ҳам Ипак йўли бўйлаб келаётган карвонлар учун йўл кўрсатувчи маёқ вазифасини ўтаган.

​Вобкент минорасининг тақдири ўлкамизнинг шонли ва изтиробли тарихи билан ҳамоҳанг. Вақт ўтиши билан мажмуа қиёфаси ўзгариб борди. XVI асрда Шайбонийлар даврида мажмуа мадраса билан бойитилган бўлса, XX аср бошидаги сиёсий бўронлар ва шўролар даврининг совуқ нафаси натижасида мажмуанинг энг қадимий қисми бўлган масжид бузиб юборилди. Бугунги кунда минора пойдевори тупроқ остида қолган бўлса-да, унинг қадди ҳамон тик ва мағрур. 2004 йилда амалга оширилган реставрация ишлари натижасида қафаса қисми ёпилиб, иншоотнинг асл ҳоли сақлаб қолинди. Ҳозирда мажмуа таркибидаги мадраса маҳаллий аҳоли учун масжид бўлиб хизмат қилаётгани эса, тарихий давомийликнинг гўзал ифодасидир. Вобкент минораси ўзининг содда, аммо салобатли муқарнаслари билан Бухородаги машҳур “Минораи Калон”нинг яқин сирдошидек кўринса-да, унинг ҳар бир нақшида фақат Вобкент тупроғигагина хос бўлган алоҳида бир руҳ, алоҳида бир салобат бор.

Дилдора ИБРОҲИМОВА,

журналист

Leave a Comment

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Scroll to Top