Бухоронинг афсонавий саройи

Бухоронинг шимолий кенгликларида, шаҳар шовқинидан йироқда жойлашган Ситораи Моҳи Хоса — шунчаки амирларнинг ёзги қароргоҳи эмас, балки сукутга чўмган тарих, Шарқ нафосати ва Ғарб ҳашамати тўқнашган ноёб меъморий афсонадир. 6,7 гектарлик яшил воҳа бағрида қад ростлаган ушбу мажмуа номи «Ой ва юлдузлар каби гўзал макон» деган маънони англатиб, Манғитлар сулоласининг уч авлоди томонидан яратилган бетакрор санъат дурдонасидир. XIX асрнинг ўрталарида Насруллахон ва Музаффархон даврида дастлабки пойдевори ўрнатилган ушбу кошона Амир Абдулаҳадхон ва охирги амир Саид Амир Олимхон ҳукмронлиги йилларида ўзининг мукаммал ва маҳобатли қиёфасига эга бўлди. Эски саройнинг баланд ва кенг заллари, европача эшик ва деразалари, болохонали айвонлари шарқона меъморчиликка ўзгача руҳ бағишлаган бўлса, Абдулаҳадхон томонидан қурдирилган ва ғарбий томонига шоҳона тахт ўрнатилган сарой қисми ҳукмдорларнинг юқори дидидан далолат беради.
​Саройга яқинлашганингизда, энг аввало, Шарқ биносозлиги анъаналаридан бутунлай фарқ қилувчи, тўқ қизил, кўк ва бинафшаранг кошинлар билан безатилган муҳташам равоқли дарвоза эътиборни тортиб, сизни бошқа бир сеҳрли дунёга етаклайди. Амирлик усталарининг миллий сиркори парчинлари ва Россиядан келтирилган кафел қопламаларининг уйғунлиги, ёғоч ўймакорлигининг энг нафис намуналари ва мис гулмихлар билан безатилган қўш табақали дарвоза бу ердаги ҳар бир деталга нақадар катта эътибор берилганини кўрсатади. Дарвозахонадан ташқи ҳовлига ўтганингизда, сизни Ғозғон мармаридан моҳир уста Абдураҳим томонидан ўйиб ишланган ва саройнинг мангу посбонларидек савлат тўкиб турган шер ҳайкаллари кутиб олади. Ҳовлининг шимолида катта айвон, ғарбида эса бутун мажмуанинг юраги ҳисобланган машҳур Оқсарой жойлашган.
​ Уста Ширин Муродов бошчилигидаги моҳир усталар томонидан икки йил давомида барпо этилган ва пардозланган бу залнинг деворлари тўлиқ кўзгулар билан қопланган бўлиб, уларнинг устига ишланган гулганч безакларнинг бенуқсон оқлиги хонага кирган кишининг кўзини қамаштиради ва ўзгача сеҳрли кайфият бағишлайди. Рус муҳандислари Сакович ва Маргулис томонидан лойиҳалаштирилган қабулхона хоналари эса Европанинг сарой заллари каби бир-бирига уланиб кетган.
​ Саройни ўраб турган хушманзара боғнинг шимолида маҳаллий меъморчилик усулида қурилган икки қаватли, ярим доира шаклидаги ҳарам ва унинг хизматкорлари учун мўлжалланган шинам ҳовлича яширинган. Боғнинг қоқ марказида жойлашган, деворларига тилла ва кумуш суви югуртирилган саккиз қиррали шоҳона кўшк эса амирнинг энг азиз меҳмонлари учун оромгоҳ вазифасини ўтаган. Боғнинг жанубида жойлашган, катта ҳовуз ва икки қаватли масжид бу маконнинг сокин ва афсонавий муҳитини тўлиқ намоён этади. Бир пайтлар амирларнинг сурурли онларига ва давлатнинг қалтис сиёсий қарорларига гувоҳ бўлган бу муҳташам сарой-боғ бугунги кунда музей-қўриқхона сифатида ўз эшикларини кенг очиб, ўтмишнинг сирли нафосатини асрлар оша замонамиз кишиларига сўзлаб бермоқда.

Дилдора ИБРОҲИМОВА, журналист

Scroll to Top